Андижон шаҳридаги 36-умумтаълим мактабида техник спирт истеъмол қилиниши оқибатида бир киши вафот этиб, яна уч киши заҳарлангани ҳақида хабар берилган эди. Андижон шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Унда айтилишича, ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган ҳолат ўрганилганда жорий йилнинг 22 октябрь куни 17:00 ларда мактабнинг хўжалик ишлари бўйича масъули, Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик раҳбари, қоровул ва бир нафар ўқитувчи дарсдан кейин кечки овқатланиш жараёнида техник спиртни истеъмол қилгани аниқланган.
Ушбу ҳолатда мактаб директори вазифасидаги Ф.Р (аёл киши) ишдан сўнг уйга қайтган ва ушбу жараёнларда иштирок этмаган.
Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаётбек Шамсиддинов ҳолатни тасдиқлаган.
Ҳодиса юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Воқеа сабаблари ва бошқа тафсилотлар аниқланмоқда.






