Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Киберхавфсизлик маркази эндиликда “ишончсиз” банклар рейтингини эълон қилиб боради. Бу ҳақда марказ вакили Мақсуджон Мирабдуллаев 3 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
Янги тартибга кўра, ҳар йил якунида энг кўп кибержиноятлар қайд этилган банклар ва тўлов ташкилотлари рўйхати очиқланади. Бу орқали фуқаролар маблағларининг хавфсизлиги ва ахборот тизимларининг ишончлилиги ҳақида жамоатчиликка очиқ маълумот берилади.
Мутасаддининг сўзларига кўра, энди молия муассасалари киберҳужумларнинг олдини олиш ва ахборот тизимларини ҳимоялашда янада фаолроқ ишлашга мажбур бўлади.






