АҚШ президенти Дональд Трамп яқин кунларда Бразилиядан қаҳва импортига қўйилган божларни қайта кўриб чиқиши ёки умуман бекор қилиши мумкин. Бу ҳақда Zamon.uz маълум қилди.
Бу масала пайшанба куни Вашингтонда бўлиб ўтадиган учрашувда муҳокама қилинади. Унда Бразилия ташқи ишлар вазири Мауро Виеира ва АҚШ давлат котиби Марко Рубио иштирок этади.
Манбаларнинг таъкидлашича, божларни бекор қилиш ташаббусини айнан Рубионинг ўзи илгари суриши кутилмоқда. Сабаби, президент Трамп мамлакат ички бозорида қаҳва нархини пасайтириш бўйича “тезкор чоралар кўришни” талаб қилган.
Дипломатик доираларда бу қарор икки давлат ўртасидаги савдо алоқаларини мустаҳкамлаши ва қаҳва нархининг АҚШ бозорида сезиларли даражада арзонлашиши мумкинлиги қайд этилмоқда.






