Ғазо секторида ўтин теришга чиққан 8 ёшли Фади ва 10 ёшли Жумаа Исроил дрони ҳужуми оқибатида ҳалок бўлди. CNN хабарига кўра, улар ногирон отасига ёрдам сифатида эрталаб ўтин излаб чиққан, бироқ қайтиб келмаган. Тез орада қўшнилар уларнинг Исроил аскарлари томонидан ўлдирилгани ҳақида хабар берган.
Болаларнинг отаси Тамер Абу Асси уларни қабрдан олдин кўриб, жасадлари тан жароҳатларидан аянчли ҳолга келганини айтиб берди.
Исроил армияси ҳужумни тан олиб, болаларни “сариқ чизиқни кесиб ўтиб, аскарларга бевосита таҳдид солган шубҳали шахслар” деб атади.
Бани Суҳеила шаҳри Исроил кучлари назоратидаги “сариқ чизиқ” яқинида жойлашган. Ҳудудда белгиларнинг етишмаслиги сабабли унинг аниқ чегараси фаластинликлар учун номаълум. Ўт очишни тўхтатиш режими амал қилаётган бўлса-да, айнан шу ҳудудда кўплаб тинч аҳоли вакиллари ўлдирилгани қайд этилган.
Қурбонлар сони ортиб бормоқда
Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Ғазодаги уруш бошланганидан бери 70 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган. Улардан 20 минг нафари болалар, 10 минг нафари аёллар.
Вайроналар остидан жасадларни қидириш давом этаётгани учун қурбонлар сони янада ошиши кутилмоқда — ўт очишни тўхтатиш режими бошланганидан бери 600 дан ортиқ жасад топилган, яна 10 минггача жасад қум остида қолган бўлиши мумкин.
Шунингдек, режим бошлангандан буён Исроил кучлари томонидан 350 дан ортиқ фаластинлик ўлдирилгани айтилмоқда.






