Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида автобус ағарилишидан икки нафар Ўзбекистон фуқароси вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон ФВВ матбуот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, ЙТҲ 7 декабрь куни соат 08:57 да, Ақтўбе вилояти, Айтекеби туманидан ўтган Республика аҳамиятига эга автомобил йўлининг 1028-километрида содир бўлган. Перм—Тошкент йўналишида ҳаракатланган Ютонг русумли йўловчи автобуси ён томонга ариққа ағдарилиб кетган.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида автобусда бўлган 49 нафар йўловчидан 5 нафари вафот этган, улардан 2 нафари Ўзбекистон фуқароси бўлган.
“Фавқулодда вазиятлар вазирлиги масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишчи гуруҳ тузган ҳолда, ушбу бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этганларни ватанга олиб келиш ва уларнинг оила аъзоларига дафн маросимларини ўтказишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш бўйича барча зарур чораларни кўрмоқда”, дейилади вазирлик хабарида.
Қайд этилишича, ҳозирда ФВВнинг масъул ходимлари қозоғистонлик ҳамкасблари билан доимий алоқада бўлиб, бахтсиз ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш бўйича ҳамкорлик ишларини олиб бормоқда.






