Жанубий Африка Республикасидаги Freestyle Chess Grand Slam мусобақасида беллашувлар қизғин паллага кирган. Мукофот жамғармаси 660 минг доллар бўлган турнирда дунёнинг энг кучли 8 нафар шахматчиси — Жавоҳир Синдоров, Магнус Карлсен, Фабиано Каруана, Винсент Кеймер, Аржун Эригаиси, Левон Аронян, Ҳанс Ниэманн ва Парҳам Максудлу ғолиблик учун курашмоқда.
4-турда Ўзбекистон термасининг иккинчи рақамли шахматчиси, 2025 йилги Жаҳон кубоги ғолиби Жавоҳир Синдоров қора доналарда америкалик Фабиано Каруанани ишончли тарзда мағлуб этди. Бу Синдоровнинг мусобақадаги учинчи ғалабаси бўлди.
У аввалги турларда Магнус Карлсен ва Парҳам Максудлу устидан зафар қучган, Винсент Кеймер ҳамда Аржун Эригаисига қарши дуранг қайд этган эди. Ҳозирча 5 учрашувдан 4 очко тўплаган Синдоров Левон Аронян билан биргаликда мусобақа ҳисобида пешқадамлик қилмоқда.
Жавоҳир Синдоров 6-турда АҚШ вакили Ҳанс Ниэманнга қарши ўйнайди. Турнир 8–11 декабрь кунлари Кейптаунда бўлиб ўтмоқда.






