Маълум қилинишича, жорий йилнинг 2 декабрь куни 1987 йилда туғилган фуқаро Тошкент шаҳар ИИББнинг 102 рақамига қўнғироқ қилиб, уйини таъмирлаш вақтида ертўладан қурол ва ўқ-дориларни топганини, уларни ихтиёрий равишда топшириш ниятида эканини билдирган.
Ҳодиса жойига етиб борган ходимлар томонидан ертўлада бир дона RGD-5 қўл гранатаси, TOZ-8 русумли ўқотар қурол, IJ-27E русумли ўқотар қурол, портлатиш қурилмаси, беш дона қўл гранатаси запали, бир дона электродетонатор ва унинг портловчи шнури, 546 дона турли хилдаги жанговар ўқ-дорилар ҳамда 1100 дона пневматик қурол ўқлари, шунингдек ўткир тиғли жисмлар аниқланган.
Тезкор суриштирувлар давомида мазкур қурол-яроғ ва портловчи моддалар фуқаронинг марҳум отасига тегишли экани маълум бўлган. Қайд этилишича, у муқаддам Мудофаа вазирлигининг турли бўлинмаларида хизмат қилган ва Қуролли кучлар академиясидан нафақага чиққан.
ИИВ эслатишича, қурол, ўқ-дорилар ва портловчи моддаларни ноқонуний сақлаш, олиб юриш ёки ихтиёрий равишда топширмаслик ҳолатлари Жиноят кодексининг 248-моддасига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.






