Исроил ҳукумати ёш аудиторияга таъсир кўрсатишга қаратилган рақамли контент яратиш учун АҚШдаги медиакомпания билан ҳамкорликни йўлга қўйди.
Маълум қилинишича, Исроил ҳукумати Clock Tower X LLC медиакомпанияси билан 6 миллион долларлик шартнома имзолаган. Лойиҳа доирасида TikTok, Instagram, YouTube, подкастлар ва бошқа рақамли платформалар учун контент тайёрланади. Материалларнинг камида 80 фоизи Z авлодига мўлжалланиши режалаштирилган.
Шунингдек, янги сайтлар ишга тушириш ва интернет ахборот муҳитига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган материалларни эълон қилиш ҳам кўзда тутилмоқда. Қайд этилишича, бу жараён сунъий интеллект тизимлари, жумладан ChatGPT каби платформаларнинг жавобларига ҳам билвосита таъсир қилиши мумкин.
Лойиҳа доирасида сезгир мавзулар юзасидан муайян ахборот контекстини шакллантириш, шунингдек, сунъий интеллект томонидан маълумотларни талқин қилиш ва тақдим этиш услубини Исроил позицияси фойдасига йўналтириш мақсад қилинган.






