Тошкент вилоятида ўзини ИИО ходими деб таништириб товламачилик қилиб пул ундирганлар ва қиморхона аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бош бошқармаси хабар қилди.
Қайд этилишича, жорий йил ноябр ойида Чирчиқ шаҳрида икки нафар шахс фуқаро Р.Ҳ.га ўзларини ИИО ходими сифатида таништириб, уни жиноятда айблаш ҳамда иш жойига хабар бериш билан қўрқитишган. Улар фуқаронинг яшаш хонадонига бостириб кирган ва ундан пул талаб қилган.
Жабрланувчидан банк картаси орқали дастлаб 2,5 миллион сўм ва мобил телефонини олиб, кейинчалик уни қайтариш эвазига 200 доллар олишга эришишган. Шундан сўнг телефонидаги шахсий видеоларни тарқатиш билан таҳдид қилиб, яна 20 миллион сўм талаб қилишган.
Ўтказилган тезкор тадбир натижасида, 2003 йилда туғилган икки шахс фуқародан келишилган 10 миллион сўмни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан иш очилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.
Бошқа бир вазиятда эса, Юқори Чирчиқ туманида пул тикиш асосида хўроз уриштириш ўйинларини ташкил этган шахслар аниқланиб, воқеа жойидан 9 дона жангари хўроз, пул маблағлари ва электрон таймер ашёвий далил сифатида олинди.
Ўйинга пул тиккан 130 нафар шахсга маъмурий чора кўрилган бўлса, уни ташкиллаштирган 3 кишига жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар процессуал тартибда қамоққа олинди, дейилади хабарда.






