“Экологик транспорт” (экостикер) тизими доирасида жарималар 2026 йилдан эмас, балки 2028 йилдан бошлаб жорий этилади. 2026 йил эса тизимни босқичма-босқич йўлга қўйиш, ҳайдовчиларни хабардор қилиш ва экологик маданиятни шакллантириш даври ҳисобланади.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур тизимнинг асосий мақсади ҳайдовчиларни жазолаш эмас, балки автомобиллардан чиқаётган зарарли газлар миқдорини камайтириш орқали шаҳарлар ҳавосининг сифатини яхшилашдир. Заҳарли чиқиндилар иқлим ўзгариши, ҳаво ҳароратининг ошиши ва кислотали ёмғирларга сабаб бўлаётгани қайд этилмоқда.
Тизим ҳайдовчилар учун бир қатор қулайликларни ҳам назарда тутади. Жумладан, автомобиль техник ҳолати яхшилангач, стикер рангини қизил ёки сариқдан “яшил” рангга ўзгартириш имконияти мавжуд. Бунинг учун республиканинг барча ҳудудларида замонавий диагностика марказлари фаолият юритади.
Шунингдек, ягона электрон тизим ва йўл камералар орқали ҳайдовчилар қайси ҳудудларга кириш мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақида олдиндан огоҳлантириб борилади. Расмийлар 2026 йилда ҳеч бир ҳайдовчи жаримага тортилмаслигини яна бир бор таъкидламоқда.






