24 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Озарбайжон етакчисини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, унинг мамлакат мустақиллиги ва барқарор тараққиётини таъминлашдаги тарихий ролини алоҳида эътироф этди.
Мулоқот давомида олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон–Озарбайжон дўстлик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Жорий Иқтисодий кооперация йилида ҳамкорлик самарали кечаётгани, ўзаро савдо ҳажми ошиб бораётгани қайд этилди.
Шунингдек, “йўл харитаси” асосидаги 20 та устувор йўналишдаги лойиҳалар фаол босқичга киргани, маданий-гуманитар алмашинувлар жадаллашгани таъкидланди.
Президентлар халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашиб, келгусидаги қўшма тадбирлар режасини кўриб чиқди.






