26 декабрь куни жума намози вақтида Суриянинг Ҳомс шаҳрида жойлашган Имом Али ибн Абу Толиб масжидида портлаш юз берди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 6 киши ҳалок бўлган, 21 киши жароҳатланган. Бу ҳақда “Ал Mayadeen” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳозирча ҳужум учун бирор гуруҳ расман жавобгарликни ўз зиммасига олмаган. Бироқ ижтимоий тармоқларда портлаш ортида “Ансор ас-Сунна” гуруҳи тургани айтилмоқда. Ҳодисадан сўнг Сурия хавфсизлик кучлари воқеа жойини қуршаб олган, жабрланганлар шифохоналарга етказилган.
Фаоллар ушбу гуруҳ аввалроқ алевийлар кўпчиликни ташкил этган ҳудудларга, жумладан Ҳомс, Тартус ва Латакия шаҳарларига ҳужум қилиш билан бир неча бор таҳдид қилганини қайд этмоқда. Портлаш содир бўлган Вади ад-Даҳаб тумани Ҳомсдаги йирик мавзелардан бири бўлиб, сўнгги вақтларда у ерда бир қатор зўравонлик ҳолатлари кузатилган.






