Малайзия суди мамлакат собиқ бош вазири Нажиб Раззоқни 1МДБ давлат жамғармасидан маблағларни талон-торож қилиш ва пул ювишда айбдор деб топиб, 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Қўшимчасига, у 13,5 миллиард ринггит (2,8 миллиард доллар) миқдорида жаримага ҳам тортилди. Бу ҳақда ББC ёзмоқда.
72 ёшли собиқ сиёсатчи ваколатини суиистеъмол қилиш ва қарийб 569 миллион доллар (2,3 млрд ринггит) миқдоридаги маблағни ўзлаштиришда айбланмоқда. 26 декабрь куни бўлиб ўтган суд Нажибни 4 та ваколатни суистеъмол қилиш ва 21 та жиноий даромадларни легаллаштириш моддалари бўйича айбдор деб топди. Қонунчиликка кўра, жазолар бир вақтнинг ўзида ўталади.
Нажиб Раззоқ 2022 йилдан бери 12 йиллик бошқа бир коррупсия иши бўйича қамоқ жазосини ўтамоқда. 2024-йилда унинг жазо муддати 2 баробарга қисқартирилган эди. Шу ҳафтада суд унинг қолган муддатни уй қамоғида ўташ ҳақидаги илтимосини рад этган эди.
Можаро тарихидан
1МДБ (1Малайзия Девелопмент Берҳад) можароси дунёдаги энг йирик коррупсиявий схемалардан бири ҳисобланади. Тергов маълумотларига кўра, давлат жамғармасидан жами 4,5 миллиард доллар ўғирланган. Собиқ бош вазир бу пулларни “Саудия қиролининг ҳадяси” деб оқлашга уринса-да, суд бу важни асоссиз деб топган.
Мазкур суд ҳукми Малайзия сиёсатида катта акс-садо бермоқда. Амалдаги ҳукумат вакиллари бу қарор ҳатто мамлакатнинг “биринчи рақамли” раҳбарлари ҳам қонун олдида жавоб беришини кўрсатувчи муҳим ишора эканини таъкидламоқда. Маълумот ўрнида, Нажиб Раззоқнинг рафиқаси Росма Мансур ҳам порахўрликда айбланиб, 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.





