Андижон вилоятида имтиҳонлардан паст баҳо олган курсдошининг баҳосини кўтариб беришни ваъда қилган ички ишлар органи ходими ва бу ишда иштирок этган университет менежери пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Андижон вилояти Ички ишлар бошқармасининг ходими курсдоши синов имтиҳонларидан паст баҳо олганини билиб, у билан моддий манфаатга қаратилган мулоқотга киришган ва университет декани орқали синов имтиҳонларини қайта топширмасдан туриб, яхши баҳолар қўйдириб бериши эвазига 2 млн 700 минг сўм талаб қилган.
Бироқ талаба сафдор ходимнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари борасида Ички ишлар вазирлиги шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Андижон вилояти бўйича бошқармасига мурожаат қилиб, бор ҳолатни изоҳлаб берган. Вилоят шахсий хавфсизлик бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси сафдор ходими курсдошидан пулларни олаётган вақтида ушланган.
Шундан сўнг, сафдор тезкор тадбир давом эттирилишини сўраб, бу ишда яна бир инсон, яъни яхши баҳолар қўйдириб беришни ваъда қилган 2001 йилда туғилган университетда менежер бўлиб ишловчи фуқаронинг иштироки борлиги ва сўралган пуллар шу шахсга берилишини айтган. Аризага асосан тезкор тадбир давом эттирилиб, университет ходими 2 млн 500 минг сўм миқдордаги пулни олаётган вақтида тадбир иштирокчилар томонидан далилий ашёлар билан ушланган ва унга нисбатан тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Билдирилишича, ҳолат юзасидан Андижон вилояти Ички ишлар бошқармасининг тегишли буйруғи билан “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органлари ходимларининг хизматни ўташ тартиби тўғрисида”ги низоми 144-банди “а” кичик бандига кўра сафдор ходим ички ишлар органларидан бўшатилиб, тўпланган ҳужжатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.






