Тошкент шаҳрида фуқароларни катта миқдорда пулга алдаб келган шахс қўлга олинди. Пойтахт ИИББ матбуот хизматининг хабар беришича, ўзини дистрибьютор ва тадбиркор сифатида танитган Хайрулло Шокировга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Маълум бўлишича, 1986 йилда туғилган гумонланувчи Instagram, Telegram ва ЁуТубеъдаги “Хайрулло Шокиров” номли саҳифалар орқали ўзини йирик дистрибьютор сифатида кўрсатиб, чет элдан анор шарбати ва салқин ичимликлар олиб кириб, уларни Ўзбекистондаги савдо нуқталарига етказиб бериш ваколатига эга экани ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатган. У фуқароларга юқори даромад улушини ваъда қилиб, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан жуда кўп миқдорда моддий зарар етказгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан тергов олиб борилмоқда. Хайрулло Шокиров гумонланувчи сифатида ишга жалб этилиб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.
Пойтахт ИИББ мазкур шахс ҳаракатларидан жабр кўрган ёки ҳолат юзасидан маълумотга эга фуқаролардан 102 қисқа рақами ёки тергов бошқармасининг 71-206-40-99 ва 71-206-42-52 телефонлари орқали мурожаат қилишни сўради.






