Ўзбекистонда Фанлар академияси жамғармаси ташкил этилади. Бу 27 декабрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида белгиланди.
Қарорга кўра, Фанлар академияси фаолиятини ривожлантириш доирасида янги илмий ишланмалар сонини ва уларни тижоратлаштиришдан олинадиган маблағлар ҳажмини уч бараварга ошириш, илмий ходимлар орасида ёшлар улушини 60 фоизга етказиш ҳамда хорижда фаолият юритаётган илмий диаспорани мамлакат илм-фанига қайта жалб этиш кўзда тутилган.
Шунингдек, илм-фан ва саноат интеграциясини кучайтириш мақсадида Фан ва саноат интеграцияси кенгаши ташкил этилади. 2026 йилдан бошлаб давлат илмий дастурлари доирасидаги барча лойиҳалар сифатини ошириш учун уларни баҳоловчи илмий-техник кенгашлар таркибига Фанлар академияси таклифига биноан ҳамраис номзодлари киритилади.
2026 йил 1 апрелдан Фанлар академияси тизимидаги илмий муассасаларда хорижий экспертлар иштирокида илмий ходимлар ва муассасалар фаолиятини баҳолашнинг KPI ва рейтинг тизими жорий этилади. 2026 йил 1 январдан эса илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва ёш олимларни рағбатлантириш мақсадида Фанлар академияси жамғармаси фаолият бошлайди.






