Ўзбекистонда ичимлик суви ва оқова сув хизматлари тарифлари қонунчиликка мувофиқ равишда қайта кўриб чиқилиши мумкин. Мутахассислар бу жараён хизмат сифати ва тизим барқарорлигини таъминлаш учун зарур эканини таъкидламоқда.
Амалдаги тартибга кўра, тариф таклифлари жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади ва ҳудудий кенгашлар томонидан тасдиқланади. Тарифлар электр энергияси, иш ҳақи, таъмирлаш, реагентлар, инфратузилма ва солиқ харажатларини инобатга олган ҳолда шаклланади.
Сўнгги йилларда электр энергияси нархининг кескин ошиши ва сувни узоқ масофаларга етказиш харажатлари ортиши натижасида таннарх билан тариф ўртасида катта тафовут юзага келган. Ҳозирда 1 куб метр сув таннархида иш ҳақи ва электр энергияси асосий улушни ташкил этмоқда.
Маълумотларга кўра, республика бўйича 1 литр ичимлик суви ўртача 3,3 сўмга тўғри келмоқда. Бу дўконларда сотилаётган қадоқланган сувга нисбатан анча арзон. Шу билан бирга, Ўзбекистонда сув тарифлари жаҳон миқёсида энг паст кўрсаткичлардан бири бўлиб қолмоқда.






