АсосийЖамият

Зеленский Трамп билан музокаралар якунларини очиқлади

Украина президенти Володимир Зеленский Флоридада АҚШ президенти Дональд Трамп билан бўлиб ўтган учрашувда хавфсизлик кафолатлари, Украинани тиклаш ва кейинги сиёсий қадамлар бўйича муҳим келишувларга эришилганини маълум қилди.

'Зеленский Трамп билан музокаралар якунларини очиқлади'ning rasmi

Украина президенти Володимир Зеленский 29 декабрь куни Флоридада АҚШ президенти Дональд Трамп билан ўтган музокаралар натижаларини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, Вашингтон Украина учун кучли хавфсизлик кафолатларини қўллаб-қувватлаган ва бу масалалар АҚШ Конгрессида овозга қўйилиши кутилмоқда.

Зеленскийнинг таъкидлашича, томонлар урушдан кейин Украинани иқтисодий тиклаш чораларини ҳам муҳокама қилган. Хусусан, АҚШ бизнеси учун Украинада махсус шартлар яратиш ва икки давлат ўртасида эркин савдо келишувини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Шунингдек, президентлар 15 йиллик хавфсизлик кафолатлари бўйича келишувга эришган, уни узайтириш имкони ҳам кўриб чиқилмоқда. Зеленский бу муддатни 30–50 йилгача кенгайтириш таклифини билдирган.

Музокараларда кейинги қадамлар ҳам белгилаб олинган. Яқин кунларда АҚШ ва Европа давлатлари миллий хавфсизлик маслаҳатчилари иштирокида учрашув ўтказиш режалаштирилмоқда. Зеленскийнинг айтишича, тинчлик режасини тасдиқлаш учун Украинада референдум ўтказиш зарур, аммо бунинг учун 60 кунлик сулҳ талаб этилади. У Россия ҳозирча бу таклифга рози эмаслигини қайд этган.

    Бошқа янгиликлар