2025 йилда дунё бўйлаб 128 нафар журналист ва оммавий ахборот воситалари ходими ҳалок бўлган. Улар орасида 10 нафар аёл ҳам бор. Бу ҳақда Халқаро журналистлар федерацияси (ХЖФ) хабар берди. Статистикага бахтсиз ҳодисалар оқибатида юз берган тўққизта ўлим ҳам киритилган.
Таққослаш учун, 2024 йилда 122 нафар журналист ҳаётдан кўз юмган эди. ХЖФ раҳбари Энтони Белланжега кўра, бу ўсиш журналистлар учун хавф даражаси ниҳоятда юқори эканини кўрсатади. Ташкилот ҳукуматларни ОАВ ходимларини етарлича ҳимоя қила олмаётганликда танқид қилди ва 2026 йилда зўравонлик ҳамда жазосизликка барҳам бериш учун қатъий чоралар кўришга чақирди.
Федерация маълумотларига кўра, 2025 йилда журналистлар ўлимининг 58 фоизи Яқин Шарқ ва араб мамлакатлари ҳиссасига тўғри келган. Энг кўп қурбонлар Яманда (13 нафар), Украинада (8 нафар) ва Суданда (6 нафар) қайд этилган. Шунингдек, журналистлар ва уларнинг транспорт воситаларига дронлар орқали ҳужумлар хавотирли тенденция сифатида тилга олинган.
ХЖФ 1990 йилдан буён журналистлар ўлими бўйича статистикани юритиб келади. Шу давр мобайнида жами 3173 нафар журналист ҳалок бўлган. 2025 йил охирига келиб эса дунё бўйлаб 533 нафар журналист қамоқда сақланаётгани маълум қилинган.






