АсосийЖамият

Фарғона водийсида Тожикистондан олиб кирилган 32 кгдан ортиқ наркотик мусодара қилинди

ДХХ томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда Қўқон ва Фарғона шаҳарларида бир нечта йирик гиёҳвандлик ҳолатлари фош этилди.

'Фарғона водийсида Тожикистондан олиб кирилган 32 кгдан ортиқ наркотик мусодара қилинди'ning rasmi

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Фарғона вилоятида божхона ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб кирилган жами 32 килограммдан ортиқ наркотик моддалар ашёвий далил сифатида олинди.

Маълум қилинишича, Қўқон шаҳрида 1984 йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадонида 4,5 кгдан ортиқ опий ва 1 кгдан зиёд гашиш аниқланган. Шунингдек, у кўрсатган геолокация орқали Данғара тумани ҳудудидан қарийб 10 кг опий мусодара қилинган. Бошқа ҳолатда эса Қўқонда нарколаборатория ташкил этган 1969 йилда туғилган шахсдан 7 кгдан ортиқ опий олинган.

Шу билан бирга, Lacetti ва Nexia автомашиналарида, шунингдек, Фарғона шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирларда ҳам гашиш ва опий моддалари билан боғлиқ бир нечта жиноий ҳолатлар фош этилган. Наркотик моддаларнинг бир қисми 150 миллион сўмга сотилаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда

    Бошқа янгиликлар