Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган таклифларни кўриб чиқди.
- 2026 йилдан инфаркт ва инсультга қарши курашиш миллий дастури жорий этилади. Дастур доирасида хавф гуруҳидаги аҳоли аниқланиб, мақсадли тиббий текширувлар ўтказилади, шошилинч тиббий ёрдамда “олтин соат” тамойили, сунъий интеллект, телемедицина ва рақамли клиник маршрутлар татбиқ этилади.
- Тез тиббий ёрдам хизматининг моддий-техник базаси кучайтирилиб, бригадалар замонавий ускуналар билан таъминланади. Нодавлат тиббиёт муассасалари ҳам шошилинч хизмат кўрсатишга жалб этилади ва хизматлар давлат тиббий суғуртаси орқали молиялаштирилади.
- Қон билан ишлаш хизмати 2026–2030 йилларда тубдан модернизация қилиниб, донорлик ҳажмлари оширилади, электрон ҳисоб ва онлайн мониторинг тизими жорий этилади.
- Республика онкология маркази учун 80 турдаги 1027 дона тиббий жиҳозлар, шунингдек, радиофармацевтик маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган циклотрон ва радиосинтез лабораториясини харид қилиш таклиф этилди.
Президент таклифларни маъқуллаб, тегишли қарорларни имзолади.






