Ўзбекистонда 2025 йил якунлари бўйича уй-жой олди-сотди шартномалари сони 295 мингтани ташкил этиб, 15 фоиздан кўпроқ ўсди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар берди.
Марказ таҳлилига кўра, пойтахт республика бўйича уй-жой олди-сотди битимларининг қарийб 30 фоизини шакллантирган. Йил давомида Тошкентда савдо ҳажми 18,2 фоизга ошиб, 84 мингга яқин битим қайд этилган.
Пойтахтнинг иккиламчи уй-жой бозорида нархлар ўсиши мўътадил бўлди. 2025 йил давомида бир квадрат метрнинг ўртача қиймати 0,6 фоизга ошиб, 1100 доллардан юқори даражада шаклланди. Шу билан бирга, айрим туманларда нархлар пасайгани ҳам кузатилди — хусусан, Мирзо Улуғбек ва Чилонзор туманларида уй-жой қиймати тахминан 5 фоизга камайган.
Бирламчи уй-жой бозорида эса вазият бошқача кечди. Янги қурилган уй-жойлар сегментида нархлар анча тезроқ ўсди ва йил якунларига кўра ўртача 9 фоиздан ортиқ ошди. Энг юқори ўсиш Миробод (18 фоиз), Яшнобод (14 фоиз) ҳамда Мирзо Улуғбек (13,5 фоиз) туманларида қайд этилди, бу ҳудудларда янги лойиҳаларга бўлган талаб юқори бўлиб қолмоқда.
Тошкент шаҳрида ижара бозори ҳам барқарор ўсиш тенденциясини сақлаб қолди. Энг юқори ижара нархлари пойтахтнинг марказий ҳудудларида шаклланди. Шайхонтоҳур, Миробод ва Яккасарой туманларида ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 11 доллар даражасида қайд этилди.
Шу билан бирга, ижара нархларининг ўсиш суръати Олмазор, Яшнобод ва Шайхонтоҳур туманларида нисбатан тез бўлиб, ушбу ҳудудларда йиллик ўртача ўсиш тахминан 11 фоизни ташкил этди.






