АсосийБу қизиқ

Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилмоқда

Анқарада олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

'Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилмоқда'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғон раислигида олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши ўтказилди.

Томонлар мазкур тадбир муборак Рамазон ойи ҳамда икки мамлакат ўртасида Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланганига 30 йил тўлиши арафасида бўлиб ўтаётганини рамзий аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Сиёсий мулоқот жадал ривожланаётгани, халқаро масалалар бўйича позициялар ўхшашлиги қайд этилди.

БМТ, Туркий давлатлар ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга келишиб олинди. Парламентлараро алоқалар фаоллашгани, савдо ҳажми ҳамда қўшма корхона ва лойиҳалар сони ортиб бораётгани таъкидланди.

Келгуси йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш вазифаси белгиланди. Шунингдек, саноат кооперацияси, ҳудудлараро ҳамкорлик, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, туризм, маданият ва таълим соҳаларида қўшма ташаббусларни кенгайтиришга келишиб олинди.

Йиғилиш якунида ҳукуматларга қабул қилинган қарорларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаш топширилди. Шавкат Мирзиёев Режеп Таййип Эрдоғонни Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф қилди.

    Бошқа янгиликлар