Тақдимотда Навоий халқаро аэропорти мавжуд салоҳиятидан тўлиқ фойдаланмаётгани, инфратузилма ва хизмат кўрсатиш тизимини модернизация қилиш зарурлиги қайд этилди. Аэропортни “Uzbekistan Airports” АЖдан мустақил оператив бошқарувга ўтказиш, маҳаллий ва хорижий авиакомпаниялар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ҳуқуқини бериш таклиф этилди.
Аэропорт даромадларини инфратузилмани янгилаш, ёқилғи резервуарларини кенгайтириш ҳамда ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш йўналишларига йўналтириш орқали авиация хизматлари экспортини ошириш режалаштирилмоқда. Бизнес режага кўра, доимий парвозлар сони 25 тадан оширилиб, қайта ишланадиган юк ҳажми 20 минг тоннадан ортиқ бўлади.
Шунингдек, аэропорт ҳудудида “porto-franko” эркин божхона зонаси ташкил этиш, 2029 йилгача махсус техника ва эҳтиёт қисмларни божхона тўловларидан озод қилиш белгиланди.
Йиғилишда “Uzbekistan Airways” ва “Uzbekistan Airports” корхоналарини трансформация қилиш, 2026 йилдан носоҳавий фаолиятни молиялаштиришни тўхтатиш, харажатларни қисқартириш ва рақамлаштиришни жадаллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, фуқаро авиaцияси соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, Фуқаро авиацияси университети ва авиация техникумини ташкил этиш ишлари муҳокама қилинди. Ушбу таълим муассасалари етакчи халқаро авиация марказлари билан ҳамкорликда фаолият юритади.
Президент таклифларни маъқуллаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.






