Эрон делегациясига Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи раҳбарлик қилмоқда. Унинг таркибига, шунингдек, ТИВ раҳбарининг иқтисодий дипломатия бўйича ўринбосари Ҳамид Ғанбари ҳам қўшилган. АҚШ музокара гуруҳига Президентнинг махсус вакили Стив Уиткофф бошчилик қилмоқда, делегация аъзолари орасида Жаред Кушнер ҳам бор.
Музокаралар олдидан ҳар икки томон раҳбарлари Уммон Ташқи ишлар вазири Бадр бин Ҳамад ал-Бусаидий билан учрашув ўтказган. Эрон ТИВ раҳбари Теҳрон музокараларга “ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қатъий бел боғлаган ҳолда” киришаётганини билдирган. Эрон учун асосий устувор масала санкцияларни бекор қилиш ёки юмшатиш ҳисобланади.
Хабарларга кўра, Вашингтон кун тартибини кенгайтиришга уринган, аммо Теҳрон фақат ядровий дастур масаласини муҳокама қилишга рози бўлган. “Axios” нашри манбаларига кўра, ушбу мулоқотлар араб иттифоқчиларининг АҚШ президентига босими ортидан ташкил этилган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда ҳам Стив Уиткофф ва Аббос Ароқчи Уммонда беш раунд музокара ўтказган, бироқ улар натижасиз якунланган. Июль ойида АҚШнинг Эрон ядровий объектларига зарбасидан кейин томонлар ўртасидаги алоқалар тўхтатилган эди. 26 январь куни эса Дональд Трамп Эронни ядровий қуролдан тўлиқ воз кечишни назарда тутувчи янги битим тузишга чақирган.






