Италия расмийлари Олимпия ўйинларининг биринчи куни темир йўл инфратузилмасига зарар етказилганини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters нашри мамлакат транспорт вазирлигига таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, полиция мамлакатнинг турли ҳудудларида учта алоҳида ҳолатни аниқлаган. Ушбу ҳодисалар тезкор, шаҳарлараро ва минтақавий поездлар қатновида 2,5 соатгача кечикишларга олиб келган. Марке вилоятидаги Пезаро шаҳри яқинида темир йўл қурилмасига ўт қўйилган, Болоньяда эса поездлар тезлигини ўлчашда фойдаланиладиган электр кабеллари кесиб ташланган.
Шунингдек, Болонья—Падуа йўналишидаги қурилмада қўлбола портловчи мослама зарарсизлантирилган.
Италия транспорт вазирлиги мазкур воқеаларни 2024 йилда Парижда бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларининг очилиш куни Франциянинг юқори тезликдаги темир йўл тармоғига уюштирилган ҳужумлар билан таққослаган.






