АсосийДунё

Португалия Ички ишлар вазири довул ортидан истеъфога чиқди

Португалия Ички ишлар вазири Мария Лусия Амарал лавозимидан истеъфо берди.

'Португалия Ички ишлар вазири довул ортидан истеъфога чиқди'ning rasmi

Унинг ваколатлари вақтинча Бош вазир Луиш Монтенегрога юклатилди, деб хабар қилди AFP.

Португалия Президенти Марсело Ребело де Соуза расмий баёнотида вазир ўз вазифаларини бажариш учун зарур шахсий ва сиёсий шароитлар мавжуд эмас, деб ҳисоблаганини билдирган. Баёнот президентнинг расмий сайтида эълон қилинган.

Амарал мамлакатни қамраб олган “Кристин” довули ортидан юзага келган инқирозли вазият сабаб танқидларга учраган. Қонунчиликка кўра, табиий офатларни бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш Ички ишлар вазирлиги зиммасига юклатилган.

Социалистик партия бош котиби Жозе Луис Карнейро мазкур истеъфони ҳукуматнинг фавқулодда вазиятга муносиб жавоб бера олмагани сифатида баҳолаган.

Маълумотларга кўра, ўтган ҳафта мамлакатда кузатилган “Кристин” довули оқибатида беш киши ҳалок бўлган, инфратузилмага жиддий зарар етган. Мутахассислар Пиреней яриморолини иқлим ўзгариши таъсирига энг кўп дуч келаётган ҳудудлардан бири сифатида баҳоламоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 9 март куни Антониу Жозе Сегуру Португалия президенти лавозимига киришади.

    Бошқа янгиликлар