Қонунчиликка кўра, кенгаш раиси одил судловга тўсқинлик қилаётган омиллар ҳамда суд тизимида коррупцияга қарши кураш ҳолати юзасидан Президентга ҳар йили ҳисобот тақдим этади. Давлат раҳбарининг 2025-йил 26-декабрдаги Мурожаатномасида коррупцияга қарши курашишда “фавқулодда ҳолат” эълон қилингани боис, суд тизими бу борада намуна бўлиши зарурлиги таъкидланди.
Маълум қилинишича, 2025-йилда 135 нафар номзод илк бор судьялик лавозимига тайинланган, 286 нафар судья қайта тайинланган ҳамда 241 нафардан иборат тергов судьялари корпуси шакллантирилган. Шу билан бирга, 59 нафар судьянинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилган, 19 нафари қасамёд ва одоб кодексини бузганлик учун лавозимидан озод этилган, 3 нафар судья жиноий жавобгарликка тортилган. 266 нафар судья интизомий жавобгарликка тортилган.
Судлар фаолиятига аралашув ҳолатлари бўйича Бош прокуратурага 5 та тақдимнома киритилган. Шунингдек, 6 мингдан ортиқ буйруқ ўрганилиб, 231 та буйруқда судьяларга одил судловга дахлдор бўлмаган вазифалар юклатилгани аниқланиб, бартараф этилган.
Йиғилишда “суд маъмурчилиги” институтини жорий этиш, судьялар интизомий ҳайъатини ташкил қилиш, судья ва уларнинг оила аъзолари мол-мулкини декларация қилиш, суд аппаратида комплекс назоратини йўлга қўйиш каби таклифлар илгари сурилди. Шунингдек, суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Президент билдирган ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, суд ҳокимияти мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишларни давом эттириш юзасидан тавсиялар берди.






