Шимолий Атлантика Шартномаси Ташкилоти (НАТО) янги “Арктика қўриқчиси” миссияси доирасида минтақага ўн минглаб ҳарбий хизматчиларни юборишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда НАТО Бош котиби Марк Рютте маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ташаббус доирасида ўтказиладиган машқларда альянснинг ўн минглаб ҳарбийлари иштирок этади. Жумладан, Гренландияда Дания томонидан ўтказиладиган “Arctic Endurance” ҳамда Норвегиядаги “Cold Response” машқлари ҳам ушбу жараённинг бир қисми бўлади. Қайд этилишича, мазкур машқлар НАТОнинг янги миссиясидан қатъи назар, аввалдан режалаштирилган.
“Мен барча тафсилотларни ошкор қила олмайман, акс ҳолда Москва ва Пекиндаги доираларни ортиқча хабардор қилиб қўйган бўламан. Бизнинг баҳолашимизга кўра, Россия ва Хитой ушбу минтақада катта қизиқиш билдирмоқда”, — деган Марк Рютте.
Бош котибнинг таъкидлашича, ташаббуснинг асосий мақсади Россия ва Хитойнинг Гренландия ҳамда унинг иқтисодий ресурсларига кириш имкониятини чеклашдан иборат.






