Қайд этилишича, фуқаро О.Л.С. томонидан ихтиёрий равишда тақдим этилган “30 SLIMMING” ва “MAX SLIM” номли жами 13 минг 470 дона маҳсулот Божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораториясига экспертиза учун юборилди. Хулосага кўра, ушбу воситалар таркибида кучли таъсир қилувчи модда — сибутрамин мавжудлиги аниқланди.
Маълумки, сибутрамин айрим давлатларда тақиқланган модда ҳисобланади. Уни назоратсиз қабул қилиш юрак-қон томир тизими фаолияти бузилиши, қон босими ошиши, инсульт ва инфаркт хавфининг ортиши каби оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Айниқса, “оздирувчи восита” сифатида яширин тарзда сотилиши аҳолини, хусусан аёлларни чалғитиш орқали уларнинг соғлиғига жиддий зарар етказиш хавфини кучайтиради.
Тезкор тадбир давомида жиноят занжирини тўлиқ фош этиш мақсадида “тезкор эксперимент” ўтказилиб, маҳсулотларнинг асосий манбаига чиқилди. Натижада Ўрикзор савдо мажмуасидаги бир нечта дўконда қўшимча равишда 15 минг 504 дона шубҳали дори воситалари борлиги аниқланди.
Жами 28 минг 974 дона, тахминий қиймати 500 миллион сўмлик дори воситалари, шунингдек таркибида сибутрамин мавжуд “оздирувчи аёллар қаҳваси” далилий ашё сифатида олиб қўйилди ва тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Мазкур ҳолат яна бир бор шуни кўрсатмоқдаки, ноқонуний айланмадаги “мўъжизавий оздирувчи” маҳсулотлар ортида инсон саломатлигига жиддий таҳдид ётади. Божхона органлари томонидан бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.






