Мамлакат Алоқа ва оммавий ахборот воситалари вазирлиги маълум қилишича, Конго Демократик Республикасида Эбола вируси тарқалиши оқибатида вафот этганлар сони 204 нафарга етди. Бу ҳақда Zamon.uz хабар берди.
Расмий маълумотларга кўра, мамлакатнинг шарқий ҳудудларида — Итури, Шимолий Киву ва Жанубий Киву провинцияларида жами 867 та гумонли касалланиш ҳолати аниқланган. Шулардан 91 таси лаборатория текширувлари орқали тасдиқланган.
Шунингдек, вирус билан боғлиқ камида 10 та ўлим ҳолати расман қайд этилгани билдирилди.
Маълум қилинишича, эпидемиянинг асосий ўчоғи Уганда билан чегарадош Итури провинцияси бўлиб қолмоқда. Мутахассислар вирус аҳоли орасида бир неча ҳафта аввал тарқала бошлаган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ушбу вазиятни халқаро аҳамиятга эга соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда ҳолат деб эълон қилган.
Шу билан бирга, қўшни давлатлар — Уганда, Замбия, Бурунди, Танзания ва Руандада ҳам эпидемияга қарши санитария ва назорат чоралари кучайтирилди.
Россия томони эса вирус тарқалишининг олдини олиш бўйича халқаро ҳамкорлик доирасида ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилди.






