Беньямин Нетаньяху Қуддусда жойлашган Хадасса Эйн Керем тиббий маркази шифохонасига ётқизилди.
“Times of Israel” нашри Исроил бош вазири девонига таяниб хабар беришича, Нетаньяху 25 май куни кечқурун Қуддусдаги тиббий марказга олиб келинган. Бу ҳақда Zamon.uz хабар берди.
Маълумотларга кўра, ҳозирда у шифокорлар назорати остида бўлиб, унга стоматологик тиббий муолажа ўтказилмоқда. Расмий баёнотда унинг ҳолати барқарор экани ва зарур тиббий ёрдам кўрсатилаётгани айтилган.
Шу билан бирга, сўнгги йилларда унинг соғлиғи жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари томонидан мунтазам кузатиб келинмоқда. Аввалроқ Нетаньяху простата безида аниқланган хавфли ўсма сабабли жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган, шунингдек, унга юрак стимулятори ўрнатилгани ҳам маълум қилинган.
Ҳозирча унинг шифохонада қанча вақт қолиши ҳақида расмий маълумот берилмаган.






