Узоқ йиллар давомида мустақил сиёсат ва балиқчилик манфаатларини ҳимоя қилиб келган мамлакат энди ЕИ аъзолиги бўйича референдум ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда. Бу жараёнга эса АҚШ президенти Дональд Трампнинг Гренландия ҳақидаги баёнотлари туртки бўлгани айтилмоқда.
Гренландия атрофидаги баёнотлар хавотир уйғотди
The Irish Times маълумотига кўра, Исландия аҳолиси ва сиёсий доираларида ташқи хавфсизлик масаласига қизиқиш кескин ортган. Айниқса, Трампнинг Исландиянинг яқин қўшниси бўлган Гренландия ҳақидаги баёнотлари мамлакатда жиддий муҳокамаларга сабаб бўлди.
Исландия бош вазири Криструн Фростадоуттир ташқи сиёсат эндиликда сайловчилар учун асосий мавзулардан бирига айланганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, шу ёздаёқ Европа Иттифоқи билан аъзолик музокараларини бошлаш бўйича референдум ўтказилиши мумкин.
Армиясиз НАТО давлати хавфсизлик кафолатини изламоқда
400 мингга яқин аҳоли яшайдиган Исландия дунёда армияси мавжуд бўлмаган ягона НАТО мамлакати ҳисобланади. Шу пайтгача мамлакат хавфсизлик борасида асосан АҚШга таяниб келган.
Бироқ Вашингтондан келаётган кескин ва кутилмаган сиёсий сигналлар Рейкьявикни янги хавфсизлик механизмларини излашга ундаган. Шу боис ЕИ аъзолиги мамлакат учун нафақат иқтисодий, балки стратегик кафолат сифатида ҳам кўрилмоқда.
Инфляция ва қимматчилик ҳам ЕИга қизиқишни кучайтирди
Мақолада қайд этилишича, мамлакатда инфляция даражаси 5,2 фоизга етган бўлиб, бу Европа Иттифоқи ўртача кўрсаткичидан анча юқори.
Натижада озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан исландияликлар орасида машҳур бўлган хотдоглар нархи ҳам кескин ошиб кетган. Айрим иқтисодчилар фикрича, ЕИга қўшилиш ва евро валютасига ўтиш мамлакатда нархлар барқарорлашишига ёрдам бериши мумкин.
Балиқчилик — асосий баҳс мавзуси
Шу билан бирга, Исландиянинг Европа Иттифоқига қўшилишидаги энг катта тўсиқ балиқчилик соҳаси бўлиши мумкин.
Мамлакат иқтисодиётининг муҳим қисми айнан балиқ овлаш билан боғлиқ. Маҳаллий балиқчилар эса Европа Иттифоқининг квота ва чекловлари Исландия манфаатларига зарар етказишидан хавотирда.
Айрим таҳлилчилар фикрича, Брюссель Исландияни ўз сафига жалб қилиш учун балиқчилик сиёсатида муайян ён босишларга тайёр бўлиши мумкин.
Дастлабки ижтимоий сўровлар аҳоли фикри деярли тенг иккига бўлинганини кўрсатмоқда. Шу боис келгуси ойларда ЕИ масаласи Исландия сиёсий ҳаётининг энг қизғин мавзусига айланиши кутилмоқда.






