Бу ҳақда “Интерфакс” агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, келишув Москва вилоятида ўтказилаётган Халқаро хавфсизлик форуми доирасида имзоланган. Ҳужжат Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу ҳамда “Толибон” мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб ўртасидаги учрашувдан сўнг тасдиқланган.
Бироқ томонлар имзоланган шартнома тафсилотларини ҳозирча ошкор қилмаган.
Учрашув чоғида Муҳаммад Ёқуб Москва ва Қобул ўртасидаги муносабатлар кенгайиб бораётганини таъкидлаган. Сергей Шойгу эса Ғарб давлатларини Афғонистон активларини музлатишдан чиқариш ва мамлакатни тиклашни молиялаштиришга чақирган.
“Важные истории” нашри қайд этишича, бундай келишувлар одатда қурол-яроғ, ҳарбий технологиялар ва лицензиялар алмашинувини назарда тутади.
Шарқшунос Руслан Сулейманов эса ушбу шартномани кўпроқ “рамзий қадам” деб баҳолаган. Унинг фикрича, Россия ва “Толибон” ўртасида яқин вақтда жиддий ҳарбий иттифоқ шаклланиши эҳтимоли паст.
“Россиянинг ‘Толибон’га таклиф қиладиган деярли ҳеч нарсаси йўқ. Қобул учун асосий иқтисодий шериклар Хитой, Эрон ва Покистон ҳисобланади”, деган Сулейманов “The Insider” нашрига.
Унинг қўшимча қилишича, Россия Афғонистонга ҳарбий мутахассислар юбориши ёки маҳаллий машғулотлар ўтказиши мумкин.






