Россия президенти Владимир Путин қариш жараёнини секинлаштириш ва инсон умрини узайтиришга қаратилган тадқиқотларни давлатнинг устувор илмий йўналишларидан бирига айлантирди. Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, Россияда қиймати қарийб 26 миллиард доллар бўлган "Соғлиқни сақлашнинг янги технологиялари" дастури амалга оширилмоқда. У ген терапияси, аъзоларни етиштириш ва бошқа биотехнологик лойиҳаларни қамраб олади.
Муаллифлар ҳисоб-китобига кўра, дастур 2030 йилга қадар 175 минг нафар инсоннинг ҳаётини узайтиришга ёрдам бериши мумкин.
WSJ қайд этишича, Путиннинг узоқ умр мавзусига қизиқиши аввалдан маълум. Нашр буни унинг жисмоний бақувватликка интилиши ва Россияда инсон умрини узайтиришга қаратилган илмий анъаналар билан боғлайди.
Дастур иштирокчилари орасида Путиннинг қизи Мария Воронцова ҳамда "Курчатов институти" раҳбари Михаил Ковальчук бор.
Бироқ мақолада таъкидланишича, мазкур тадқиқотлар ҳозирча халқаро илмий ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилган натижаларни тақдим этмаган. Шу билан бирга, Россияда эркакларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги 68 ёшни ташкил этади.






