Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Солиқ қўмитасининг комплаенс ва коррупцияга қарши назорат бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган текширувда 643,2 миллиард сўмлик бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолати аниқланди.
Маълум қилинишича, текширув давомида Солиқ қўмитаси, Бухоро вилояти солиқ бошқармаси, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ҳамда бир қатор хусусий корхоналарнинг масъул шахслари ўзаро тил бириктирган ҳолда қонунбузарликка йўл қўйгани маълум бўлган.
Терговга қадар текширув материалларига кўра, Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш бўйича кўрсатилган 5,3 триллион сўмлик хизматлар қўшилган қиймат солиғидан озод этилган бўлса-да, мансабдор шахслар мазкур солиқ суммасини электрон ҳисоб-фактураларга ноқонуний равишда киритган.
Оқибатда бюджетда асоссиз равишда қўшилган қиймат солиғи маблағлари шакллантирилиб, уларнинг бир қисми корхона ҳисоб рақамига қайтарилишига ҳамда бошқа корхонанинг давлат олдидаги кредиторлик қарздорлигини бекор қилишга эришилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу ҳаракатлар орқали 643,2 миллиард сўм бюджет маблағи ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






