Ўзбекистонда импорт қилинадиган автомобилларга оид амалда бўлган чекловлардан бири бекор қилинди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, эндиликда жисмоний ва юридик шахслар томонидан транспорт воситасини импорт қилишда бир календарь йил давомида фақат битта автомобилга мувофиқлик сертификати беришни назарда тутувчи норма қўлланмайди.
Маълум бўлишича, ушбу ўзгариш Президентнинг "Қурилиш соҳасида натижага асосланган бошқарувни жорий этиш ҳамда соҳада давлат хизматларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида белгиланган.
Ҳужжатга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 апрелдаги 237-сон қарори билан тасдиқланган "Муомалага чиқарилаётган ғилдиракли транспорт воситаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент"га тегишли ўзгартириш киритилган.
Унга кўра, регламентдаги "бир календарь йил давомида бир мартадан кўп эмас" тарзида мувофиқлик сертификати беришни назарда тутувчи норма чиқариб ташланган.
Шунингдек, фармон билан қурилиш соҳасига оид бир қатор енгилликлар ҳам жорий этилган. Хусусан, 2029 йил 1 июлга қадар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, қурилиш ишларида фойдаланиладиган махсус техника ҳамда лаборатория ва инструментал кўрик ускуналарини импорт қилиш божхона божидан озод этилади. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда ушбу имтиёз татбиқ этиладиган техника рўйхатини тасдиқлаши белгиланган.






