Германияда Шенген визаларини ноқонуний тарзда расмийлаштириб берган гуруҳ фош этилди. Бу ҳақда Германия Матбуот агентлиги (DPA) хабар қилди.
Тергов органлари маълумотларига кўра, ушбу схема орқали камида 76 нафар Ўзбекистон фуқароси Европа давлатларига киритилган.
Қайд этилишича, гумонланувчилар Шенген визаси учун 2 минг евро, авиачипта учун эса яна 2 минг евродан ҳақ олган. Шунингдек, қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномалари 400 евродан сотилгани аниқланган.
Схеманинг фош этилиши Прагадан Амстердамга ҳаракатланаётган автобусда Ўзбекистон фуқароси ушланиши билан бошланган. Унинг ёнидан қалбаки Европа ҳужжатлари топилган.
Германияда ўтказилган кенг кўламли махсус операцияга 220 нафар полиция ходими жалб этилган. 7 та манзилда тинтувлар ўтказилиб, 12 нафар гумонланувчи аниқлангани хабар қилинмоқда.






