Арманистонда сайлов жараёни давом этмоқда. Ушбу сиёсий жараён мамлакатнинг келажакда қайси ташқи сиёсий йўналишни танлашига — Ғарбга яқинлашишни давом эттириши ёки анъанавий иттифоқчиси Россия билан муносабатларни тиклашига — таъсир қилиши мумкин. Бу ҳақда хабар берди.
Уч миллион аҳолига эга Жанубий Кавказ давлатида сайловлар халқаро жамоатчилик эътиборида бўлиб турибди. Бош вазир Никол Пашинян Европа интеграцияси йўлидаги ваъдалар билан яна бир муддатга қайта сайланишга ҳаракат қилмоқда. Шу билан бирга, Арманистон Москва томонидан иқтисодий босим кучайган шароитда Ғарб билан ҳамкорликни кенгайтиришга интилмоқда.
2018 йилда ҳокимиятга келган Пашинян Россияга қарамликни камайтириш сиёсатини олиб бормоқда. У Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнини бошлаш ташаббусини илгари сурган, шунингдек, АҚШ воситачилигида Озарбайжон билан тинчлик жараёнларини жадаллаштирган.
Шу билан бирга, унинг ички қўллаб-қувватлаши сезиларли даражада пасайган — 2021 йилдаги 54 фоиздан ҳозирга келиб тахминан 30 фоизга тушган. Бунинг асосий сабабларидан бири сифатида Тоғли Қорабоғ атрофидаги вазият кўрсатилмоқда: 2023 йилда Озарбайжон ушбу ҳудудни ҳарбий йўл билан назоратига олган.
Пашинян танқидчилари уни Озарбайжон билан тинчлик эвазига муrosalarga боргани учун қораламоқда. Озарбайжон билан тинчлик келишуви жамиятда ҳамон баҳсли масала бўлиб қолмоқда — сўровларга кўра, аҳолининг 44 фоизи уни қўллаб-қувватласа, 41 фоизи эса қарши.






