Афғонистоннинг Ҳирот вилоятида Толибон аёлларнинг кийиниш қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтирмоқда. Бу ҳақда Zamon.uz маълум қилди.
Amu TV хабарига кўра, Толибоннинг Эзгуликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш бошқармаси жамоат жойларида “тўғри ҳижоб” қоидаларига амал қилиниши юзасидан янги кўрсатмалар берган.
Тарқалган ҳужжатда рўмолсиз, юзи очиқ ҳолда, тор кийимларда ёки пардоз билан кўчага чиққан аёллар ахлоқ назоратчилари томонидан ушланиши ва махсус муассасаларга юборилиши мумкинлиги қайд этилган.
Шунингдек, аёлларнинг ташқи кўриниши учун уларнинг эркак қариндошлари ҳам жавобгар ҳисобланиши белгиланган. Қоидабузарлик ҳолатлари суд органларига юборилиши ва ҳуқуқий чоралар кўрилиши мумкинлиги айтилган.
Маҳаллий манбаларга кўра, мазкур қарор Толибон вакиллари иштирокидаги йиғилишдан сўнг қабул қилинган. Янги тартиблар 6 июндан кучга киргани айтилмоқда.
Сўнгги ойларда Ҳиротнинг бир қатор ҳудудларида назорат пунктлари ташкил этилиб, автомобиллар ва таксилар текширувдан ўтказилмоқда. Аҳоли вакиллари назоратчилар айрим аёлларнинг кийимларини Толибон талабларига мос эмас деб баҳолаётганини билдирган.
Толибон 2021 йилда ҳокимиятга қайтганидан бери аёллар ва қизларга нисбатан кўплаб чекловлар жорий этган. Халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари маълумотларига кўра, шу вақт ичида аёлларнинг таълим олиши, ишлаши ва жамоат ҳаётида иштирок этишига оид 100 дан ортиқ чекловчи қарор қабул қилинган.






