Бугун, 8 июнь куни Филиппиннинг жанубидаги Минданао ороли яқинида 7,8 магнитудали кучли зилзила содир бўлди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Қайд этилишича, Зилзиланинг маркази Генерал Сантос шаҳри яқинида жойлашган бўлиб, кучли силкинишлар натижасида бинолар ва дўконларга зарар етгани, айрим ҳудудларда электр ва алоқа тармоқлари узилгани маълум қилинди.
Маҳаллий ҳокимият аҳолини қирғоқбўйи ҳудудларини тарк этиб, баландроқ жойларга кўчишга чақирди.
Мутахассислар айрим ҳудудларда 1–3 метр баландликдаги цунами тўлқинлари юзага келиши мумкинлигини билдирди.
Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар борлиги ҳақида хабарлар текширилмоқда. Қутқарув хизматлари зарар кўламини баҳолаш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ишларини давом эттирмоқда.
Маълумот учун, Филиппин Тинч океанидаги “Олов ҳалқаси” ҳудудида жойлашгани сабабли мамлакатда кучли зилзилалар ва вулқон фаоллиги тез-тез кузатилади.






