Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида жойлашган маиший газ баллонларига суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида содир бўлган портлаш оқибатида 6 нафар фуқаро ҳалок бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса ҳақида 8 июнь куни соат 13:50 да вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар келиб тушган. Шундан сўнг воқеа жойига 5 та қутқарув бўлинмаси жалб қилинган.
Қутқарувчилар соат 14:02 да ҳодиса жойига етиб борган. Ёнғин соат 14:05 да қуршаб олинган ва соат 14:55 да тўлиқ ўчирилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 4 та транспорт воситаси — 2 та Cobalt ҳамда газ ташишга мўлжалланган 2 та автомашина, шунингдек, ер остида жойлашган 2 та ёқилғи сақлаш резервуари ёнган.
Портлаш ва ёнғин оқибатида 6 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Яна 5 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлигида ҳукумат комиссияси тузилган. Комиссияга жабрланганларга ёрдам кўрсатиш, ҳодиса оқибатларини бартараф этиш, портлаш сабабларини аниқлаш ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш чораларини ишлаб чиқиш вазифалари юклатилган.
Айни пайтда ҳодиса содир бўлган ҳудуд тўлиқ назоратга олинган бўлиб, оқибатларни бартараф этиш ишлари давом этмоқда.






