Италия прокуратураси Исроилнинг миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирга нисбатан тергов бошлади. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, суриштирув Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамини етказиш мақсадида йўлга чиққан гуманитар флотилия иштирокчиларининг қўлга олиниши ва уларга нисбатан муносабат билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан олиб борилмоқда.
Рим прокуратураси тергови Бен-Гвирнинг фаоллар Исроилнинг Ашдод портида сақланган вақтдаги ҳаракатларига қаратилган. Хабарларга кўра, ушбу пайтда фаоллар қўллари орқадан боғланган ҳолда ушлаб турилган.
Тергов доирасида Исроил расмийларининг кемаларни кўздан кечириш ва фаолларни ҳибсга олиш жараёнидаги ҳаракатлари ҳам ўрганилмоқда. Қўлга олинганлар орасида Италия фуқаролари ҳам бўлган.
Прокуратура эҳтимолий қийноқлар ва одам ўғирлаш билан боғлиқ ҳолатларни ҳам ҳуқуқий жиҳатдан баҳоламоқда.
Бундан аввал Рим прокуратураси Ғазога инсонпарварлик ёрдами олиб кетаётган флотилиянинг Греция яқинидаги халқаро сувларда тўхтатилиши вақтида Италия фуқаролари ушлангани юзасидан ҳам алоҳида тергов бошлаган эди. Бу учта расмий шикоят ортидан амалга оширилган.
Эслатиб ўтамиз, май ойи ўрталарида Исроил ҳарбий-денгиз кучлари Ғазо томон йўл олган "Сумуд" гуманитар флотилиясини халқаро сувларда тўхтатган эди. Кейинчалик тарқатилган видеоларда қўлга олинган фаоллар тиз чўктирилган, қўллари пластик боғичлар билан боғланган ҳолда акс этгани халқаро майдонда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда тарқалган тасвирларда Итамар Бен-Гвир қўлга олинган фаоллар олдидан ўтиб, Исроил байроғини ҳилпиратаётгани кўринган. Ушбу кадрлар кескин танқидларга учраганидан сўнг, флотилия иштирокчилари озод қилинган.






