Тошкент халқаро инвестиция форумида 8 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашиши кутилмоқда
Президент Шавкат Мирзиёевга навбатдаги Тошкент халқаро инвестиция форумига тайёргарлик ишлари юзасидан ахборот берилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда мазкур форум Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳиятини намоён этиш, хорижий шериклар билан янги лойиҳаларни шакллантириш ва илгари суришга хизмат қилаётган муҳим халқаро майдонга айланган.
Жорий йилнинг 16–18 июнь кунлари ўтказилиши режалаштирилган бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида 99 мамлакатдан 8 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашиши кутилмоқда. Улар орасида қарийб 3,1 минг нафар хорижий меҳмон бор.
Форумда хорижий давлатлар ҳукуматлари раҳбарлари ва вакиллари, халқаро молия институтлари, инвестиция жамғармалари, йирик компаниялар ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этади.
Тақдимотда форум дастури ҳақида ҳам маълумот берилган. Унга кўра, ялпи мажлислар, икки томонлама учрашувлар, тармоқ ва ҳудудлар тақдимотлари, инвестиция келишувларини имзолаш маросимлари ҳамда ишбилармонлар мулоқотлари ўтказилади.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг инвестиция имкониятларига бағишланган кўргазма ташкил этилади. Унда қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, геология, электротехника, машинасозлик, кимё саноати, энергетика, сунъий интеллект ва ахборот технологиялари соҳаларидаги лойиҳалар намойиш қилиниши режалаштирилган.
Форум доирасида Президент ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги ялпи мажлиси ҳам бўлиб ўтади. Унда мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, инновацион ривожланишни жадаллаштириш ва халқаро инвесторлар учун қўшимча қулайликлар яратиш масалалари муҳокама қилинади.
Маълум қилинишича, форум якунида кимё саноати, геология ва металлургия, электротехника, машинасозлик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, энергетика, экология, рақамли технологиялар, қурилиш, транспорт-логистика, туризм ва таълим соҳаларини қамраб олган йирик инвестиция келишувлари имзоланиши кутилмоқда.
Президент форумни юқори ташкилий даражада ўтказиш, ҳар бир тармоқ ва ҳудуднинг инвестиция салоҳиятини аниқ лойиҳалар орқали намоён этиш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, мутасаддиларга хорижий меҳмонларни муносиб кутиб олиш, тадбирлар дастурини пухта ташкил этиш, имзоланадиган келишувларнинг аниқ ижро механизмларини белгилаш ва уларнинг бажарилишини тизимли мониторинг қилиб бориш бўйича топшириқлар берилди.






