АҚШ ҳукумати сомалилик футбол ҳаками Умар Абдулқодир Артаннинг мамлакат ҳудудига киришига рухсат бермади. Бу ҳақда Zamon.uz агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, мазкур қарор сабаб Артан 2026 йилги FIFA Жаҳон чемпионати олдидан ўтказилаётган тайёргарлик машғулотларида иштирок эта олмайди ҳамда мусобақа учрашувларини бошқариш имкониятидан маҳрум бўлади.
У Жаҳон чемпионати ўйинини бошқарадиган тарихдаги илк сомалилик ҳакам бўлиши кутилган эди.
Сомали ҳукумати ҳакамнинг АҚШга киришига рухсат берилиши учун АҚШ расмийлари ва FIFA билан музокаралар ўтказганини маълум қилди. Бироқ бу ҳаракатлар ҳозирча натижа бермаган.
Мамлакат Спорт вазирлиги баёнотида Умар Абдулқодир Артаннинг халқаро майдондаги муваффақиятлари Сомали халқи учун катта фахр манбаи экани таъкидланган.
Reuters’нинг ёзишича, Сомали томони ҳакамнинг мундиалда иштирокини таъминлаш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатларни давом эттирмоқда.
FIFA эса виза ва иммиграция масалалари мезбон давлат ваколатига киришини билдириб, бундай қарорларни қабул қилиш жараёнида иштирок этмаслигини маълум қилди. Ташкилот Артан қайси учрашувга тайинланганига оид маълумотни ҳам ошкор қилмаган.
АҚШ Божхона ва чегара назорати хизмати маълумотига кўра, Истанбулдан Майамига учиб келган Сомали фуқароси қўшимча текширувдан ўтказилган. Текширув якунлари бўйича унга мамлакат ҳудудига киришга рухсат берилмаган.
Идора бундай қарорлар миллий хавфсизлик, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳамда иммиграцияга оид маълумотлар асосида ҳар бир ҳолат бўйича алоҳида қабул қилинишини билдирган.
Оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, 2025 йилда Африканинг энг яхши эркак ҳаками деб топилган Артанда АҚШга кириш учун амалдаги виза бўлган.
Ҳакамнинг ўзи эса юзага келган вазиятга қарамай, фаолиятини давом эттириши ва келгуси вазифаларига эътибор қаратишини маълум қилган.






