Тошкент вилоятининг Зангиота туманида 10 килограммдан ортиқ кумушни ноқонуний муомалага киритмоқчи бўлган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Божхона қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида қимматбаҳо металлнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.
Аниқланишича, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган фуқаро 13 дона қуйма бўлак кўринишидаги жами 10 килограмм 35 грамм кумушни 20 минг 800 АҚШ долларига сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мутасаддилар томонидан ўтказилган баҳолаш ишларига кўра, мазкур кумушнинг умумий қиймати 235 миллион 229 минг сўмни ташкил этган.
Текширув жараёнида ушбу шахс заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамият ходими экани маълум бўлган.
Шунингдек, корхонада олтин ва кумуш маҳсулотларига қайта ишлов бериш ишлари амалга оширилган бўлса-да, қимматбаҳо металларни тозалаш ва ажратиб олиш билан боғлиқ аффинаж фаолиятини юритиш учун тегишли рухсатномага эга эмаслиги аниқланган.






