Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти натижалари ва уни ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган тақдимот билан танишди.
Қайд этилишича, жорий йил 17 март куни расман фаолият бошлаган марказ қисқа вақт ичида мамлакатнинг йирик маданий-маърифий масканларидан бирига айланди. 1 июнь ҳолатига кўра, муассасага ярим миллион нафар маҳаллий ва хорижий меҳмон ташриф буюрган. Кунлик ташрифлар сони ўртача 6 минг нафарни ташкил этмоқда.
Шу даврда марказда 150 дан зиёд хорижий делегация қабул қилинган, 2 минг нафардан ортиқ хорижий меҳмон ташриф буюрган. Мажмуа таркибида Болалар музейи ва Имом Бухорий инновацион музейи ташкил этилган, бинода Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолият юритмоқда.
Тақдимотда марказ томонидан илмий ва инновацион йўналишларда 810 та лойиҳа амалга оширилгани, уларда қарийб 2 минг нафар маҳаллий ва хорижий олим иштирок этгани маълум қилинди. Шунингдек, 1 мингдан зиёд артефакт Ўзбекистонга қайтарилгани, кутубхона фонди эса 3 мингдан ортиқ нодир нашр билан бойитилгани қайд этилди.
Марказ “Дунёнинг энг йирик ислом цивилизацияси музейи” сифатида “Гиннесснинг жаҳон рекордлари китоби”дан ўрин олгани ҳам таъкидланди.
Тақдимотда марказ фаолиятини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, илмий журнални халқаро “Scopus” ва “Web of Science” базаларига киритиш, қўлёзмаларнинг рақамли каталогини яратиш, “Ислом маърифати” стипендиясини жорий этиш ва ёшларни кенг жалб қилиш режалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, хориж музейлари, аукционлари ва хусусий коллекцияларида сақланаётган Ўзбекистонга оид маданий мерос намуналарини аниқлаш ва Ватанга қайтариш бўйича доимий механизм яратиш зарурлиги қайд этилди.
Келгусида “Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” мавзусида I халқаро Ислом форумини ўтказиш, БМТ ва ЮНЕСКО майдонларида махсус тақдимотлар ташкил этиш, шунингдек, марказ фаолиятини 55 давлатда тарғиб қилиш режалаштирилмоқда.
Президент марказ халқимизнинг бой маданий мероси ва маърифатпарварлик анъаналарини дунёга намоён этадиган нуфузли илмий-маърифий масканга айланиши лозимлигини таъкидлади ҳамда мутасаддиларга қатор топшириқлар берди.






