АсосийЖАМИЯТ

Ярим асрлик армон тугади: Ўзбекистон Жаҳон чемпионатига қандай етиб борди?

Ўзбекистон миллий футбол терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионатига йўлланма олиб, мамлакат спорт тарихида янги саҳифа очди.

'Ярим асрлик армон тугади: Ўзбекистон Жаҳон чемпионатига қандай етиб борди?'ning rasmi

Ярим асрдан зиёд вақт давомида орзу қилинган натижа ниҳоят рўёбга чиқди ва «Оқ бўрилар» илк бор сайёрамизнинг энг нуфузли футбол мусобақасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.


Ўзбекистонда футбол тарихи ўтган аср бошларига бориб тақалади. Манбаларга кўра, 1912 йилда Қўқонда илк футбол жамоалари ташкил этилган. Совет Иттифоқи даврида ўзбек футболчилари ягона иттифоқ терма жамоаси таркибида майдонга тушган бўлса, 1991 йилда мустақиллик қўлга киритилгач, миллий терма жамоага асос солинди.


Терма жамоа ўзининг илк расмий халқаро учрашувини 1992 йил 17 июнда Душанбе шаҳрида Тожикистонга қарши ўтказган ва баҳс 2:2 ҳисобида якунланган. Орадан икки йил ўтиб, 1994 йилда Ўзбекистон футбол федерацияси расман ФИФА ҳамда Осиё футбол конфедерацияси аъзосига айланди. Шу тариқа мамлакат Европа эмас, балки Осиё футбол маконини танлади.


Мустақилликдан кейинги дастлабки катта муваффақият ҳам айнан 1994 йилга тўғри келади. Ўзбекистон терма жамоаси Хиросимада ўтказилган Осиё ўйинларида олтин медалларни қўлга киритди. Ярим финалда Жанубий Корея 1:0 ҳисобида мағлуб этилган бўлса, ҳал қилувчи баҳсда Хитой устидан 4:2 ҳисобида ғалаба қозонилди. Бу натижа Ўзбекистон футболининг янги босқичга чиқишига замин яратди.


Шундан кейин мамлакат терма жамоаси Осиёдаги кучли жамоалар қаторига кирди. Бироқ Жаҳон чемпионатига чиқиш йўли йиллар давомида ёпиқлигича қолди.


Терма жамоа "Оқ бўрилар" лақаби билан машҳур. ФИФА рейтингидаги энг юқори натижа 45-ўрин бўлиб, бу кўрсаткич 2006–2007 йилларда қайд этилган. Жамоа Осиё кубогидаги энг яхши натижасини 2011 йилда қайд этиб, мусобақани тўртинчи ўринда якунлаган.


Шунингдек, 2025 йилда Марказий Осиё футбол ассоциацияси ташкил этган Миллатлар кубоги ғолиби бўлган.
Тарихий муваффақият эса 2025 йилда қўлга киритилди. Ўзбекистон 2026 йилги Жаҳон чемпионатига йўлланма олган биринчи Марказий Осиё давлати сифатида тарихга кирди.


Жамоанинг энг йирик ғалабаси 1998 йилда қайд этилган бўлиб, ўшанда Мўғулистон терма жамоаси 15:0 ҳисобида мағлуб этилган. Энг оғир мағлубият эса 2000 йилда Японияга қарши баҳсда кузатилган — 1:8.


Бироқ ўзбек футбол мухлислари учун энг оғриқли саҳифалар ҳисобда эмас, балки Жаҳон чемпионати саралаш босқичларидаги драматик воқеалар билан боғлиқ.


Айниқса, 2005 йилги баҳс ҳанузгача эсдан чиқмаган. Баҳрайнга қарши плей-офф ўйинида Миржалол Қосимов томонидан амалга оширилган пенальтидан кейин гол киритилган бўлса-да, япон ҳаками Тосимицу Ёсида баҳсли қарор чиқариб, голни бекор қилди. Кейинчалик ФИФА ҳакам хатосини тан олди, аммо ўйин натижасини сақлаб қолиш ўрнига учрашувни қайта ўтказишга қарор қилди.

Оқибатда Ўзбекистон меҳмонда урилган голлар қоидасига кўра мусобақани тарк этди.
2013 йилда ҳам тарих такрорланди. Бразилияда ўтган Жаҳон чемпионатига чиқиш учун ўтказилган плей-офф босқичида Ўзбекистон Иорданияга пенальтилар сериясида 8:9 ҳисобида имкониятни бой берди. Бу мағлубият ҳам мамлакат футбол тарихидаги энг катта армонлардан бири бўлиб қолди.


Терма жамоа тарихида кўплаб ёрқин футболчилар етишиб чиққан. Сервер Жепаров 128 та ўйин билан рекордчи ҳисобланади. У икки марта — 2008 ва 2011 йилларда Осиёнинг энг яхши футболчиси деб топилган. Максим Шацких, Миржалол Қосимов, Одил Аҳмедов ва Александр Гейнрих каби футболчилар ҳам ўзбек футболи ривожига катта ҳисса қўшган.

Ҳозирги авлоднинг асосий етакчилари қаторида Элдор Шомуродов ва Абдуқодир Ҳусанов тилга олинади. Шомуродов терма жамоа тарихидаги энг яхши тўпурар ҳисобланса, Ҳусановнинг Англиянинг "Манчестер Сити" клубига трансфери ўзбек футболи учун муҳим воқеалардан бири бўлди. Аббосбек Файзуллаев каби ёш футболчилар эса жамоанинг келажагига умид бағишламоқда.
Сўнгги йилларда футбол тизимида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳам тарихий натижага асос бўлди.

2018 йилда мамлакатнинг барча ҳудудларида футбол академиялари ташкил этиш ишлари бошланди. 2019 йилда эса «Футболни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси» қабул қилинди.


Натижада Ўзбекистон U-23 терма жамоаси 2018 йилда, U-20 терма жамоаси 2023 йилда Осиё чемпионлигини қўлга киритди. Ёшлар терма жамоаси 2024 йилда мамлакат тарихида биринчи бор Олимпиада йўлланмасини қўлга киритган бўлса, U-17 терма жамоаси 2025 йилда Осиё кубогида ғолиб бўлди.


Жаҳон чемпионатига чиқиш масаласи эса 2025 йил 5 июнда ҳал бўлди. Бирлашган Араб Амирликларига қарши меҳмондаги учрашувда қайд этилган 0:0 ҳисобидаги дуранг Ўзбекистонга мундиалга йўлланмани кафолатлади.

Саралаш босқичидаги сўнгги уй ўйинида эса Қатар 3:0 ҳисобида мағлуб этилди.
Эндиликда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этади. "Оқ бўрилар" учун бу шунчаки навбатдаги мусобақа эмас. Бу — ўнлаб йиллар давомида кутилган орзунинг ушалиши, минглаб футболчилар ва миллионлаб мухлислар меҳнатининг натижаси ҳисобланади.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    'Ўзбекистонда наркожиноятлар учун жазо кучайтирилади, вояга етмаганларга машина беришга қарши чоралар кўрилади'ning rasmi

    ЖАМИЯТ Бугун 14:34

    Ўзбекистонда наркожиноятлар учун жазо кучайтирилади, вояга етмаганларга машина беришга қарши чоралар кўрилади

    Президент мазкур қонун наркожиноятчиликка қарши курашишни янги босқичга олиб чиқишини таъкидлаб, уни имзолади.

    'Таиландда Бангкокдаги қонли теракт учун икки уйғур ўлим жазосига ҳукм қилинди'ning rasmi

    ЖАМИЯТ Бугун 14:12

    Таиландда Бангкокдаги қонли теракт учун икки уйғур ўлим жазосига ҳукм қилинди

    Нашр маълумотига кўра, Адем Қарадоғ ва Юсуф Мирали тергов ва суд жараёнлари давомида ўзларига нисбатан қўйилган айбловларни рад этиб келган.

    'Ўзбекистонда айрим тоифадаги ходимларга иш ташлаш тақиқланади'ning rasmi

    ЖАМИЯТ Бугун 14:07

    Ўзбекистонда айрим тоифадаги ходимларга иш ташлаш тақиқланади

    Фавқулодда ҳолат ёки фавқулодда вазиятлар даврида, шунингдек, уруш ҳолати жорий этилганда ёки умумий сафарбарлик эълон қилинган вақтда иш ташлашларга йўл қўйилмайди.

    'Берен Саат ва Кенан Доғулу наркотиклар иши бўйича текширилмоқдами?'ning rasmi

    ЖАМИЯТ Бугун 13:02

    Берен Саат ва Кенан Доғулу наркотиклар иши бўйича текширилмоқдами?

    Туркия оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда актриса Берен Саат ҳамда унинг турмуш ўртоғи, хонанда Кенан Доғулу ҳақида тарқалаётган хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

    'Ўзбекистонда онкология хизмати ва паллиатив ёрдам тизими тубдан такомиллаштирилади'ning rasmi

    ЖАМИЯТ Бугун 12:48

    Ўзбекистонда онкология хизмати ва паллиатив ёрдам тизими тубдан такомиллаштирилади

    Энг кўп учрайдиган саратон турларини эрта аниқлаш дастурлари ишлаб чиқилиб, тезкор ташхислаш марказлари ташкил этилади.

    'Қирғизистон санкция хавфи туфайли 50 та компанияни тугатмоқчи'ning rasmi

    ЖАМИЯТ Бугун 12:25

    Қирғизистон санкция хавфи туфайли 50 та компанияни тугатмоқчи

    Бишкек санкция сиёсати масалаларида мувозанатли ва холис ёндашув тарафдори бўлиб, чеклов чоралари учинчи давлатлар ҳамда ҳалол бизнес субъектларига асоссиз равишда таъсир қилмаслиги лозим.