АҚШнинг Филадельфия шаҳридаги «Линкольн Файненшел Филд» стадионида бўлиб ўтган учрашувни франциялик ҳакам Франсуа Летексье бошқариб борди. Кескин ва муросасиз курашлар остида кечган ўйинда Кот-д’Ивуар терма жамоаси минимал ҳисобда ғалаба қозонди — 1:0.
Учрашувнинг биринчи бўлимида ҳар икки жамоа бир қатор хавфли вазиятлар яратган бўлса-да, ҳисоб очилмади. Иккинчи таймда ҳам дарвозалар дахлсиз қолиб келди. Ўйин тақдири ҳал бўлаётган паллада, аниқроғи 90-дақиқада Кот-д’Ивуар ҳужумчиси Амад Диалло рақиб дарвозасини ишғол этиб, жамоасига муҳим уч очкони тақдим қилди.
Мазкур ғалабадан кейин Кот-д’Ивуар терма жамоаси ҳисобида 3 очко мавжуд бўлиб, тўплар нисбатига кўра гуруҳда иккинчи ўринга жойлашди. Е гуруҳида пешқадамликни Германия терма жамоаси сақлаб турибди. Немислар биринчи турда мундиал дебютанти Кюрасао жамоасини 7:1 ҳисобида мағлуб этган эди.
Гуруҳнинг иккинчи турида Кот-д’Ивуар Германияга қарши майдонга тушади. Ушбу учрашув 20 июнь куни бўлиб ўтади. Эквадор эса 21 июнь куни Кюрасао билан баҳс олиб боради.
Маълумот учун, футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексикада ўтказилмоқда. Турнирнинг амалдаги чемпиони Аргентина терма жамоаси ҳисобланади.






