Туркиянинг машҳур сериаллари орқали танилган актриса Эже Иртем вафот этди. Бу ҳақда турк оммавий ахборот воситалари хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, актрисанинг ўлими унинг туғилган куни нишонланганидан бир кун ўтиб содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, унга юрак хуружи сабаб бўлган.
Хабарларда қайд этилишича, воқеа содир бўлган вақтда актрисанинг онаси уйда бўлган. Бироқ унга ўз вақтида ёрдам кўрсатишнинг имкони бўлмаган.
Эже Иртемнинг кутилмаган ўлими турк жамоатчилиги ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Айрим нашрлар актрисанинг вафоти сўнгги ойларда Туркия шоу-бизнеси атрофида юзага келган турли можаролар фонида содир бўлганига эътибор қаратмоқда. Бироқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Эже Иртемга нисбатан бирор жиноят иши ёки расмий гумон ҳақида маълумот берилмаган.
Ҳозирча актрисанинг ўлими юзасидан расмий текширув натижалари эълон қилинмаган.






